Ариза юбориш

OpenAI сунъий интеллект тизимларида ахлоқ масалалари тадқиқотини молиялаштирмоқда

26.11.2024
272
OpenAI сунъий интеллект тизимларида ахлоқ масалалари тадқиқотини молиялаштирмоқда

OpenAI компанияси Дьюк университети (АҚШ) тадқиқотчиларига сунъий интеллект тизимларида ахлоқни ўрганиш лойиҳаси учун грант ажратган, дейилади АҚШ Солиқ хизматига тақдим этилган ҳисоботда. TechCrunch’нинг хабар беришича, “Сунъий интеллект ахлоқини тадқиқ этиш” лойиҳаси (Research AI Morality) кенг қамровли ташаббуснинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида OpenAI уч йил мобайнида сунъий интеллектни “одобли” қилиш йўлларини ўрганиш учун 1 миллион доллар ажратди.

Лойиҳага Уолтер Синнот-Армстронг ва Яна Шайх Борг раҳбарлик қилмоқда. Ушбу ишнинг мақсади тиббиёт, ҳуқуқшунослик ва бизнес каби соҳаларда инсоннинг ахлоқий мулоҳазаларини башорат қила оладиган алгоритмларни ишлаб чиқишдан иборат.

Синнот-Армстронг ва Борг бир қатор тадқиқотлар ўтказишди ҳамда инсонга янада асосли қарорлар қабул қилишда ёрдам берадиган ахлоқий йўл кўрсатувчи сифатида сунъий интеллектнинг салоҳияти ҳақида китоб ёзишди. Улар йирикроқ тадқиқот гуруҳларининг аъзолари сифатида донор буйракларни кимга бериш тўғрисида қарор қабул қилишга ёрдам берадиган алгоритмни яратишда иштирок этди.

2021 йилда Аллен сунъий интеллект институти ахлоқий жиҳатдан асосланган маслаҳатлар бериши керак бўлган Ask Delphi воситасини ишлаб чиқди. Чат-бот бундай муаммоларни жуда яхши тушунарди. Масалан, ушбу восита имтиҳонда кўчириб олиш нотўғри эканлигини биларди. Бироқ саволларни қайта ифодалаш орқали Delphi деярли ҳар қандай нарсани маъқуллаши мумкин эди.

Бунинг сабаби замонавий сунъий интеллект тизимларининг ишлаш тамойилида ётади. Машинали ўқитиш моделлари интернет бўйлаб кўплаб мисолларни ўрганиб, ушбу мисоллардаги қонуниятларни аниқлайди ва шу асосда башоратлар қилади. Сунъий интеллект қарор қабул қилишда муҳим бўлган ахлоқий тушунчалар, мулоҳазалар ва ҳис-туйғуларни тушунмайди.

Дьюк университети тадқиқотчилари учун OpenAI томонидан ажратилган грант 2025 йилда якунланади.

Тавсия