Криптовалюта – бу ўзи нима? #longread

11.12.2024
3599
Криптовалюта – бу ўзи нима? #longread

Ҳаммаси 2000-йилларнинг охирига келиб бошланди ёки юзага чиқди, десак, балки, тўғрироқ бўлар. Интернетда биткоин ҳақида ёзилган ҳужжатга дуч келган норвегиялик Кристофер Кох исмли талаба рақамли валютага қизиқиб қолиб, 2009 йилда 5000 coin (биткоин тангаси)ни 25 АҚШ долларига сотиб олади. Воқеа шу билан унутилиши мумкин эди, аммо 4 йилдан сўнг янгиликларда биткоин нархи минг фоизга ошганини кўрuб Кристофер ўзининг 25 доллари 800 минг долларга айланганини тушунди. Худди шу пайтда, Кристофердан минглаб километр узоқда, Жеймс Хауэллс исмли бошқа бир киши ўзининг эски винсчестерида бир неча йил олдин “қазиб олган” 7500 биткоин борлигини эслади. Лекин уйни тозалаш пайтида уни ташлаб юборган эди. Ҳа, ўша пайтдаги унинг аҳволини тушуниш қийин эмас. Бугунги кунда бу диск ҳамон шаҳар чиқиндихонасида ётибди ва ундаги биткоинлар бир неча юз миллион доллар қийматига эга, каттагина бир шаҳарнинг йиллик бюджети деса ҳам бўлади (масалан, Тошкент шаҳрининг 2024 йилга тасдиқланган харажатлари тахминан 630 миллион АҚШ доллари атрофида). Бундай воқеалар ўн минглаб. Уларнинг баъзиларида кечаги талабалар кутилмаганда миллионерларга айланишса, бошқалари осон пул кетидан қувиб, бир ҳафта ичида барча жамғармаларини йўқотишади. Ниҳоят, учинчилари паролларини унутиб қўйиб, ўз бойликларини сарфлай олмайди.

Аммо криптовалюталар аслида нима ўзи? Бу қандайдир улкан молиявий пуфакми ёки яқин истиқболдаги асосий молиявий инструмент? Нега баъзи давлатлар криптовалюталарни сотиб олаётган бир вақтда, бошқалари уларни тан олмайди, лекин ўз рақамли пулларини яратишга уринади?

Юқоридагиларни биргаликда тушунишга ҳаракат қиламиз.

2008 йилда Сатоши Накамото тахаллусли аноним шахс томонидан “Биткоин: рақамли пиринг нақд пул тизими” деб номланган ҳужжат интернетга жойлаштирилди. Тизим моҳияти қуйидагича: айтайлик, бир киши бошқасига 10 танга (coin) ўтказади, вақт ўтгач, у киши унга 5 танга қайтаради. Жами иккита операция бор. Ҳеч ким бу рўйхатни ўзгартира олмаслиги ва кейин, масалан, ҳеч қандай пул олмаганини айтолмаслиги учун, бу рўйхат қандайдир бир жойда эмас, балки бир вақтнинг ўзида барча иштирокчиларда сақланади. Бундан ташқари, вақт ўтиб улар яна бир битим тузмоқчи бўлса, эски ёзувлар блокка шифрланади. Бу блокка хеш деб аталадиган узун код берилади. Энди янги битимлар олдинги блокнинг хешини ўз ичига олган янги блокка ёзилади. Бу блокдаги битимлар ҳам тугагач, у ҳам шифрланади ва шундай қилиб, операциялар рўйхати блоклар занжирига – блокчейнга тушади. Хўш, бунинг нимаси инқилобий? Гап шундаки, агар блоклардан бирида ёзувни сохталаштиришга уринилса, бутун занжир бузилади, чунки ҳар бир блокнинг хеши нафақат операциялар тўпламини акс эттиради, балки бошқа блокларнинг хешлари билан ҳам боғланган. Бу қалбакиликни тизимнинг бошқа иштирокчилари дарҳол пайқайди, чунки улар блокчейн ҳақидаги барча ёзувларни ўзларида сақлайди. Бундай иштирокчилар, блокдаги битимлар сингари, минглаб бўлиши мумкин, шунинг учун тизимнинг барча иштирокчиларида блокчейн ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш деярли имконсиз. Демак, блокчейн – бу барча битимлар сақланадиган бухгалтерия китоби, лекин бу китоб банкда эмас, балки блокчейннинг барча иштирокчиларида сақланади.

Хўш, блокчейн билан криптовалюта ўртасида қандай боғлиқлик бор? Аслида, янги блок яратиш учун унинг хешини топиш керак. Хешнинг эса фақат 64 та белгидан иборатлиги маълум, холос. Уни топиш учун тармоқ иштирокчилари кўплаб вариантларни синаб кўришлари, яъни ҳисоблашларни амалга оширишлари лозим. Айнан шу биткоин “қазиб олиш” – майнингнинг моҳиятидир, янги блокни излаётган тизим иштирокчилари эса майнерлар деб аталади. Майнер янги блок учун тўғри хешни топгач, уни бошқа иштирокчилар билан улашади. Улар хеш ва блокдаги барча операцияларнинг тўғрилигини текширади ва агар ҳаммаси тўғри бўлса, блокчейннинг ўзларидаги версиясига янги блокни қўшади, майнер эса рақамли валюта кўринишидаги мукофот – биткоинни олади. Сатоши Накамото бу ҳужжатни ўша пайтда криптографияни чуқур ўрганаётган барчага электрон почта орқали юборади. 2009 йил 3 январда эса у биткоин блокчейнидаги биринчи блокни яратди. Бу блокда ҳеч қандай битим йўқ, унда фақат битта жумла ёзилганди: “Ғазначилик канцлери (АҚШ Молия вазири назарда тутилмоқда) банкларни иккинчи бор қутқариш арафасида”. Бу жумла ўша куни Британиянинг “Times” газетасининг сарлавҳаси бўлиб, дунё чуқур молиявий инқироз ҳолатида эканлигини англатарди. 12 январь куни Сатоши биринчи транзакцияни амалга оширди – 170-блокда у дастурчи Халл Финнга 10 биткоин юборди. Вақт ўтиши билан биткоин веб-сайтига одамларнинг ташрифи кўпайди ва табиий, майнерлар сони ҳам ортиб борди.  Ҳозир буни тасаввур қилиш қийин, аммо дастлабки пайтларда биткоин бир центдан ҳам кам турарди, шунда ҳам пул сифатида эмас, балки тизимни синовдан ўтказиш учун номаълум технология сифатида ишлатилган. Бироқ аста-секин бу технология тобора машҳур бўлиб борди. Ҳатто 2010 йилда биткоинга бағишланган форумда америкалик дастурчи “тарихий” хабар қолдирди – у ўзи учун иккита пицца буюртирган одамга 10 минг биткоин етказиб беришга ваъда берди. 4 кундан сўнг форумда янги хабар пайдо бўлди: “Бир дастурчи “Папа Жонс”дан 10 минг биткоинга иккита пицца сотиб олди”. Ўша пайтдаги курс бўйича бу пиццалар тахминан 40 доллар турарди. Ким биларди, уларнинг ҳар бири тез орада юз миллион доллардан ҳам қимматроқ бўлишини?

Нима сабабдан бу мураккаб ва номаълум технология одамлар онгини шиддат билан қамраб ола бошлади? Биткоин нима билан таъминланган, одамлар уни сотиб олиш ва сотишга нима учун қарор қилишди, унинг қиймати нега тобора ўсиб бормоқда?

Бошқа пул бирликлари ва умуман, анъанавий валюталардан фарқли ўлароқ биткоин фақат сизга тегишли ва уни ўтказиш учун бирор давлатнинг рухсати ҳамда банк ёки бошқа воситачи керак эмас. Билишингиз керак бўлган ягона нарса – бу олувчи ҳамённинг манзили. Сиз ҳамёнингиз калитини фирибгарларга ўзингиз айтиб берсангизгина пулингизни йўқотишингиз мумкин. Ниҳоят, биткоин яратувчилари томонидан фақат 21 миллион танга “қазиб олиш” қоидаси ўрнатилган. Бундан ташқари, ҳар 210 минг блокда янги блок хешини топиш учун бериладиган мукофот икки баравар камаяди. Бу шуни англатадики, агар 2009 йилда блок қўшгани учун майнер 50 биткоин олган бўлса, бугун атиги учтадан сал кўпроқ танга олади. Шунга қарамай, майнерлар сони тобора ортиб бормоқда ва илгари биткоинни уй шароитида ишлаб топиш мумкин бўлган бўлса, бугун бу билан минглаб квадрат метрли улкан фермалар шуғулланмоқда. Бу рақобат биткоин қазиб олиш тезлигига деярли таъсир кўрсатмайди. Аммо шу механизм туфайли биткоин, йилдан-йилга кўпайиб бораётган фиат пуллардан фарқли ўлароқ, қадрсизланмайди. Шунинг учун ҳам уни рақамли олтин деб аташади. Шундай экан, агар ҳар қандай пул фақат айирбошлаш воситаси бўлса, биринчи қарашда уни қазиб олиш учун сарфланган энергиядан бошқа ҳеч нарсага асосланмаган (ва аслида бу энергия ҳам ишлатилиб бўлинган) биткоиннинг тобора оммалашиб бораётгани ажабланарли эмас. Одамлар янги технология ниҳоят уларга ўз пулларини тўлиқ назорат қилиш имконини беришига ишонарди. Қанча кўп одам биткоин қазиса, унга шунча кўпроқ ишонч билдириларди. Бироқ, биткоиннинг ўтказувчанлик қобилияти жуда паст. Бу сониясига атиги 7 та транзакция, яъни худди шу вақт ичида 24 мингта транзакцияни амалга ошираётган Visa олдида умуман натижа ҳисобланмайди. Биткоиннинг бундай секин ишлаши унинг барқарор фаолияти учун зарур, лекин айнан шу хусусият уни оммавий қўллашга тўсқинлик қилади.

Блокчейн технологияси тушунарли ва оммабоп бўлгач, минглаб дастурчилар биткоинни қандай тезлаштириш ҳақида бош қотира бошлади ва 2011 йилда Google’нинг собиқ ходими биткоиндан 8 баравар тезроқ ишлайдиган, осонроқ қазиб олинадиган ва операциялари арзонроқ бўлган криптовалюта яратди. Агар биткоин рақамли олтин бўлса, янги Litecoin кумушнинг рақамли муқобилига айланди. Бироқ лайткоин биткоиннинг ягона муқобили эмас эди. Масалан, 2012 йилда Ripple криптовалютаси пайдо бўлди. Анъанавий SWIFT банк ўтказмалари тизимидан фарқли ўлароқ, Ripple мижозларнинг пулларини бир неча кунда эмас, балки бир неча сония ичида ва деярли бепул ўтказиш имконини беради. 2012 йилдан кейин турли тангалар ва лойиҳалар сони тобора кўпайиб борди. 2015 йилда “ақлли шартномалар”ни таклиф қилувчи Ethereum лойиҳаси ишга туширилди. Айтайлик, сиз квартира сотиб олмоқчисиз. Ўзингизни ҳимоя қилиш учун банкка бориб, пул қўядиган ва сотувчи олди-сотди шартномасини имзолагандан кейингина оладиган аккредитив очасиз. Ҳеч ким бир-бирини алдамаслиги учун банк битимни назорат қилади ва табиий, бунинг учун воситачилик ҳақи олади. Ethereum’нинг ақлли шартномаси эса банкни битимдан четлаштиради. Тизим шартнома шартларини ўзи текширади ва улар бажарилганда пулни бир ҳамёндан иккинчисига ўтказади. Ethereum’нинг ғояси оддий, аммо доҳиёна эди. Шу боис, Ethereum деб номланган ўз тангасини чиқариш босқичидаёқ компания 18 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилди ва улар таклиф этаётган coin нархи ишга туширилганидан буён 10 минг фоизга ўсди. Ақлли шартномалар пайдо бўлиши билан марказлашмаган молия бозори шаклланди. Одамлар бир криптовалютани бошқасига аноним айирбошлаш, криптовалютада кредит олиш ёки уни депозитга қўйиш мумкин бўлган платформаларни яратишни бошлади. Банклар ва бошқа воситачиларсиз, шунчаки блокчейнда. Умуман олганда, биткоин нима учун ўйлаб топилган бўлса, аслида Ethereum туфайли амалга ошди. Бундан ташқари, эфириум туфайли ўз криптотангаларини яратиш осонлашди, чунки энди ўз блокчейнингизни ўйлаб топиш шарт эмас эди. Соддароқ қилиб айтганда, эфириум криптодунёда дастурлаш тилига айланди. Ўз тангаларини яратиш анча осонлашгани сабабли, бу билан ҳамма шуғуллана бошлади. 2017 йилда Ethereum чиқарилганидан сўнг, ICO (Initial coin offering, “тангалар(ни жойлаштириш) бўйича дастлабки таклиф”) авж олганини кўриш мумкин. Энди ҳар қандай стартап давлат томонидан алоҳида назоратсиз капитал жалб қилиши мумкин эди. Криптосаноат 90 йиллар охиридаги Интернетни эслатарди: ўшанда ҳамма келажак интернет компаниялариники эканини тушунарди ва улар қўзиқориндек ўсиб борарди. ICO ғояси қуйидагича: лойиҳа ўйлаб топилади, унинг тангаси чиқарилади ва сармоядорларга бу танга нархи 1000 фоизга ошишини ваъда қилинади ҳамда тангаларни сотиб, улардан пул йиғилади. Тушунарли, лекин кейинроқ тангаларни қандай ва қаерда самарали сарфлаш ёки сотиш мумкин? Ва тамом, шу вақтдан бошлаб бари тамом бўлади. Лойиҳа веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини топа олмайсиз, танганинг қиймати эса “бир тийин”га тушиб қолади. Албатта, барча ICO’лар ҳам алдов эмас. Аммо эҳтиёт бўлган яхши. Кўпинча криптовалюталар билан боғлиқ лойиҳалар инсоннинг очкўзлигидан фойдаланишга қаратилган пуч нарсалар бўлиб чиқиши мумкин.

Бу ҳаммаси эмас. Интернетдаги расмларни ўн минглаб долларга сотиб олиш ҳақида нима дейсиз? 2021 йил 16 февралда Christie's аукцион уйи америкалик рассом Майк Винкелманнинг Бипл тахаллуси остидаги асарини 69 миллион долларга сотди. Асар “Ҳар куни: дастлабки беш минг кун” (“Everydays: the First 5000 Days”) деб номланган эди. Аслида, бу рассом деярли 14 йил давомида ҳар куни чизган беш мингта расм эди. Хўш, нима бўпти? Ахир Кристис бундан ҳам қимматроқ санъат асарларини сотган-ку. Масалан, 2017 йил ноябрда Леонардо да Винчининг “Дунёнинг халоскори” асари 450 миллион долларга ёки 2008 йил майда Френсис Беконнинг “Triptix-1976” асари 86 миллион долларга сотилган эди. Аммо Биплнинг асари жисмоний шаклда мавжуд эмас, унинг рақамли версияси бор эди, холос. Хўш, унда нима сотилди? NFT (non-fungible token), яъни блокчейндаги такрорланмас токен сотилди. У қайсидир активнинг кимга тегишли эканлигини тасдиқловчи восита бўлиб хизмат қилади. Агар миллионлаб эфириум ва биткоинларнинг ҳар бири бир хил қийматга эга бўлса, NFT’ни санъат асари билан таққослаш мумкин. Масалан, машҳур Мона Лиза да Винчи Луврда сақланади. Ҳа, сиз бу асарнинг мукаммал нусхаларини яратишингиз мумкин, лекин Мона Лизани кўриш ҳуқуқи учун фақат Лувр кассасида ҳақ тўланади. Мана, NFT сизнинг асл нусхага эгалигингизни тасдиқлайди. Ҳар ким блокчейнни текшириб, бунинг ҳақиқат эканлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Барибир ғалати туюлади, шундай эмасми? Эҳтимол. Аммо Бипл асари сотилгандан сўнг чинакам “NFT-бум” бошланди. Кўпинча бу жуда зўр, моҳирона чизилган расмларни эмас, балки мемларни сотиб олиш эди. Интернетдаги қандайдир расмлар ўн минглаб доллар туриши ҳақида хабарлар қанчалик кўп тарқалса, уларни сотиб олиб, кейинчалик янада қимматроқ сотишга тайёр бўлган одамлар ҳам шунчалик кўпайди. NFT’ларни тарғиб қилишга машҳурлар ҳам жалб қилинди. Оқибатда Жастин Бибер, Перис Хилтон, Пост Малон ва бошқа таниқли шахслар реклама қилган “Зериккан маймунлар”ни тасвирловчи 10 мингта рақамли сурат ноёб NFT тўпламига айланди. Хуллас, улкан пуфак ҳосил бўлди: гифлар, мобил ўйин қаҳрамонлари, тасодифий расмлар – буларнинг барчаси ўн минглаб долларга сотиб олинди ва сотилди. Ажиотаж 17-асрда Нидерландияда рўй берган “лолапарастлик”ни эслатарди, фақат гуллар ўрнига исталган одам нусха кўчириши мумкин бўлган рақамли расмлар бор эди. Бу пуфак худди тез шишгани каби тезлик билан сўнди. Савдолар ҳажми 97 фоизга камайди ва кўплаб NFT’лар бутунлай қадрсизланди. Маълум бўлишича, NFT сотиб олишни маслаҳат берганларнинг аксарияти ўз маҳсулотларини шов-шув тўлқинида иложи борича қимматроқ сотиш учун тарғиб қилган экан. Ҳатто Биплдан унинг асарини 69 миллион долларга сотиб олган одамлар ҳам буни 2021 йил мартдан кейин деярли қадрсизланиб кетган ўз тангаларига эътиборни жалб қилиш учун қилишган экан. Бироқ бу ICO ва NFT’ларнинг барчаси бозорнинг ҳақиқий “наҳанглари” олдида оддий “балиқчалар”дир.

2010 йилда илгари ҳеч кузатилмаган иккита ташкилот пайдо бўлди. Улар фойдаланувчилар криптовалюта билан савдо қилиши мумкин бўлган платформаларни яратди. Бугунги кунда бундай платформалар сони 40 тадан ошиб кетди. Ҳа, криптобиржалар пайжо бўлган эди. Бу эса криптовалюталар билан ишлашни сезиларли даражада соддалаштирди. Албатта, энди пулни доимий равишда шахсий ҳамёнга юбориб туришнинг ҳожати йўқ эди. Аммо криптовалюта мустақиллик ва анонимлик ҳақида бўлса, криптовалюта биржаси эса шахсий маълумотларингизни тўплайдиган ва ҳисобингизда пулларингизни сақлайдиган марказлаштирилган тузилмадир. Мана, масалан, FTX – сайёрадаги энг йирик биржалардан бири. У тезда инвесторларни жалб қилди, чунки у ҳар қандай криптовоситалар билан савдо қилишга имкон берди ва барча назорат органлари билан фаол ҳамкорлик қилди. Аммо 2022 йилнинг ўрталарида ОАВда бу криптобиржа ўз захираларининг катта қисмини ўзи чиқарадиган FTX токенларида сақлаши ва биржа раҳбари Сем Бенкман Фриднинг мижозлар пулларидан шахсий мақсадларда фойдаланиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Одамлар биржадан пулни оммавий равишда еча бошлаганда, у бунга жавобан уларнинг маблағларини музлатиб қўйди. Натижада биржа мижозлари ҳам, токен эгалари ҳам пулларини йўқотди. Тахминан 10 миллиард доллар атрофида. Ва бу йирик криптобиржанинг қулашининг ягона мисоли эмас. Нега бундай бўлади? Чунки бу биржалар нафақат битимлардан фоиз олади, балки ўз мижозларининг пулларидан ҳам фойдаланади. Криптодунёнинг янги саноат эканлиги сабабли, бу ерда қатъий тартибга солиш йўқ. Биржада жуда катта маблағ тўпланганида, ундан шахсий мақсадлар учун фойдаланиш васвасаси пайдо бўлади.

Хўш, унда блокчейннинг дунёни ўзгартирадиган ажойиб технология эканлиги қаерда қолди? Криптосаноатнинг аксарият қисми фирибгарлик бўлиб чиқяптими? Йўқ. Қуйидагилардан ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин.

2001 йил. Салвадор давлати ўз пул бирлигидан воз кечиб, АҚШ долларини валюта сифатида қабул қилмоқда. Нима сабабдан? Расман – кўпроқ инвестиция жалб қилиш ва иқтисодиётни барқарорлаштириш учун. Мамлакатдаги одамларнинг аксарияти маҳаллий колонлар (Салвадор миллий валютаси)дан эмас, айнан доллардан фойдаланарди. Ва 2004 йилдан колон муомаладан чиқарилди. Мамлакат кейинги 20 йил давомида шундай яшайди, токи Салвадор президенти ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг расмий валютаси биткоин бўлиши ҳақида хабар тарқатмагунча. Нима учун? Мақсад ўша-ўша – инвестиция ва технологияларни жалб этиш. Бироқ яна бир сабаб бор-ки, бу бошқа давлатларни ҳам доим ўйлантириб туради, масалан BRICS аъзоларини – доллар АҚШ ҳукумати назорати остида, биткоин-чи? Ҳозирча уни ҳеч ким назорат қилмайдиган кўринади. Салвадор ҳукуматининг фикрича, бу қадам АҚШга иқтисодий қарам бўлишни камайтиради ва мамлакатга ўз монетар сиёсати устидан кўпроқ назорат имконини беради. Аммо айнан шу сабабга кўра, аксарият давлатлар криптовалюталарни расмий пул сифатида тан олмайди. Давлатнинг мавжудлиги асоси – жамият устидан назорат бўлиб, бунга кўп жиҳатдан пул устидан ҳукмронлик орқали эришилади. Усиз давлат ҳатто солиқларни йиға олмайди. Ҳатто алоҳида криптотангани ҳеч ким расман назорат қилмаслигини ва у протоколга мувофиқ эмиссия қилинишини тасаввур қилсак ҳам, амалда ҳаммаси бу қадар оддий эмас. Масалан, барча биткоинларнинг 67 фоизи ҳамёнларнинг атиги ярми фоизида сақланади. Агар бозорнинг йирик ўйинчилари ўз тангаларини сотишни истаса, нима бўлади? Бутун тизим қулайди. Тўғри, бу тангаларнинг катта қисмини хусусий инвесторларнинг пулларини сақлайдиган криптобиржалар ушлаб туради, лекин нима учун одамлар криптобиржаларга ишонишлари керагу, давлатларга ишонмасликлари керак? Айниқса, криптовалюталарнинг хилма-хиллиги ва уларнинг миқёси чекланганлиги уларни бир вақтнинг ўзида юз миллионлаб одамлар учун ягона тўлов воситаси сифатида ишлатишга имкон бермайди. Улар қийматининг ўзгарувчанлиги (волатиллиги) туфайли криптовалюталарда узоқ муддатли лойиҳаларни режалаштириш имконсиз. Шу сабабли бугунги кунда аксарият давлатлар криптовалюталарни расмий пул сифатида тан олмайди, балки уларни инвестицион актив деб ҳисоблайди.

Тўғри, у мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга ва ҳисоб-китоб воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Аммо бир нарсани ҳисобга олиш керак, криптовалюта ҳозирча ҳеч нарса билан таъминланмаган.

Қизиқ, икки алоҳида олам юзага келмоқда. Бири – ўзи тўлиқ назорат қила оладиган ўз пули билан давлат. Иккинчиси эса – технологиялар ва тизим иштирокчилари ўртасидаги келишувлар асосида ишлайдиган хусусий пуллар. Бугунги ҳукуматларга осон эмас. Улар криптовалюталарни тақиқламайди, чунки блокчейн технологиясининг истиқболини кўради, бироқ уларни пул сифатида тан ололмайди, чунки бу давлат мавжудлигига таҳдид солади. Бунинг ўрнига мамлакатлар блокчейн асосида ўзларининг миллий криптовалюталарини – марказий банкларнинг рақамли валюталарини ишлаб чиқмоқда. Бу валюта билан пулларни ўғирлаш ёки “ювиш” қийинроқ бўлади, чунки уларнинг йўлини босқичма-босқич кузатиш мумкин. “Ақлли шартномалар” туфайли бундай пулларни фақат кўрсатилган контрагентга ўтказиш мумкин бўлади. Фуқаролар учун бир томондан қулайлик кўпроқ, иккинчи томондан назорат кучлироқ бўлади. Натижада, криптовалюталарни севиб қолишга сабаб бўлган “марказсизлаштириш” давлат томонидан тартибга солиш воситасига айланади.

Нима бўлганда ҳам бир нарса аниқ: бугун молия тарихида кескин бурилиш юз беряпти ва қачонлардир кенг қулоч ёзган Интернет каби кун келиб рақамли пуллар ҳаётимизнинг бир қисмига айланганини сезмай қоламиз.

“Простая экономика” материалидан

Тавсия