Жаҳон банкининг «Tajikistan Digital Foundations» лойиҳаси доирасида Тожикистон Республикаси давлат бошқаруви органлари вакилларидан иборат делегация давлат бошқарувини рақамлаштиришга қаратилган илғор GovTech ечимлари билан танишиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида «Unicon Soft» компаниясига ташриф буюрди.
Aйтиш жоизки, «Unicon Soft» компанияси бунгача ҳам қардош мамлакат давлат секторини рақамлаштириш йўлида бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширган. Тожикистонда муваффақиятли ишлаб турган Ягона электрон ҳужжат айланиши, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш, Ижро интизоми назорати, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимлари, Электрон шартномалар платформаси ва Ягона идентификация тизими каби йирик лойиҳалар давлатлараро муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин натижасидир.
Бу галги ташриф ҳам жуда самимий ва ишчан руҳда ўтди. Ташриф давомида делегация аъзоларига компаниямизнинг давлат бошқаруви соҳасини трансформация қилиш, қоғозбозликни камайтириш ва жараёнлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи энг сара дастурий маҳсулотлари тақдимот қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда қоғоз сарфини ва бюрократик тўсиқларни кескин камайтиришга хизмат қилаётган, давлат идоралари ўртасидаги интеграцияни таъминловчи ечимлар, бошқарув ва таҳлил жараёнларида сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш, рақамли маълумотлар алмашинувида хавфсизликни таъминлаш, масалалари меҳмонларда кўпроқ қизиқиш уйғотди.
Учрашув давомида Тожикистон делегацияси вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга компаниямиз раҳбарияти ва мутахассисларидан батафсил жавоб олишди.