Ариза юбориш

“Сир энди очилди”: Сиднейдаги радиостанцияда ярим йилдан буён сунъий интеллект бошловчилик қилмоқда

28.04.2025
201
“Сир энди очилди”: Сиднейдаги радиостанцияда ярим йилдан буён сунъий интеллект бошловчилик қилмоқда

Австралияда эфирга узатиладиган ҳамда онлайн ва iHeartRadio иловаси орқали тингланадиган CADA радиостанцияси Thy исмли сунъий интеллект бошловчисини яратиб, ишга туширди. The Sydney Morning Herald газетаси хабар беришича, радиостанция фақат ярим йилдан сўнг Thy ҳақиқий инсон эмас, балки нейрон тармоққа асосланган ишланма эканлигини маълум қилди.

Thy иш кунлари эрталаб соат 11 да эфирга чиқиб, тўрт соат давомида ҳип-ҳоп мусиқаларини узатади. “Сиз ишда, автомобилда, жамоат транспортида ёки университетда бўлганингизда, Thy сизга бутун дунёдаги энг қизғин трекларни тақдим этади”, - дея таърифланади бошловчи.

Thy’ни яратишда матнни нутққа айлантирадиган ElevenLabs платформасидан фойдаланилган. Бошловчининг овози ва ташқи кўриниши радиостанциянинг молия бўлими ходимидан нусха олинган.

Австралия алоқа ва оммавий ахборот воситалари бошқармасининг тушунтиришича, мамлакатда радиостанцияларга сунъий бошловчилардан фойдаланиш ҳақида тингловчиларга хабар бериш мажбуриятини юклайдиган қонунлар ҳали мавжуд эмас. ARN (CADA’нинг бош компанияси) вакили айтишича, компания янги технологиялар тингловчи қабул қилишини қандай яхшилаши мумкинлигини ўрганмоқда.

“Workdays with Thy” дастури ноябрь ойидан бери эфирга узатилмоқда. Маълум қилинишича, ўтган ойда дастурни камида 72 минг киши тинглаган.

Тавсия