Ўзбекистонда илк бор: Unicon Soft маҳаллий СИ тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш учун NVIDIA DGX Spark технологиясини жорий этди

27.10.2025
1957
Ўзбекистонда илк бор: Unicon Soft маҳаллий СИ тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш учун NVIDIA DGX Spark технологиясини жорий этди

Unicon Soft МЧЖ мамлакатда илк бор NVIDIA DGX Spark суперкомпьютерларини сотиб олиб, ўз инфратузилмасига интеграция қилди. Мазкур стратегик қадам маҳаллий дастурчилар ва тадқиқотчилар фаолиятини технологик жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилади.

Вазни ҳам бор-йўғи 1,2 кг бўлган мазкур илғор қурилма сунъий интеллектга ихтисослашган олимлар, инжeнерлар ва талабалар учун мўлжалланган. Энди улар замонавий СИ моделларини тўғридан-тўғри маҳаллий муҳитда ишга тушириб, тест қилиш, танлаш ва масалаларга мос равишда мослаштириш имкониятларига эга бўлади. Бу жараён “булут” ресурсларига боғлиқликни камайтиради, хавфсизлик ва тезкорликни кучайтиради.

DGX Spark 200 миллиард параметргачага эга моделларни ўқитиш қувватига эга. Бу эса сунъий интеллектни ривожлантиришдаги тадқиқот ва тажрибаларни сезиларли даражада жадаллаштириб, юқори аниқликка эришилган интеллектуал ечимларни яратиш йўлини очади. Шу тариқа компания катта ҳажмдаги маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш, маҳаллий СИ маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни глобал бозорга тақдим этиш имкониятларини кенгайтиради.

Ушбу ташаббус Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. DGX технологиялари жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва компаниялари томонидан қўлланилаётгани каби, энди мамлакатимиздаги ахборот технологиялари соҳасида ҳам янги ҳамкорликлар учун замин яратилади.

Unicon Softнинг бу қарори миллий технопарклар, стартаплар ва AI лабораторияларининг жадал ривожланишига туртки бериши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонни минтақада сунъий интеллект буйича инновацион марказ сифатида шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Тавсия