Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида яратилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар натижасида давлат бошқарувини рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимини ривожлантириш каби кўплаб йўналишларда миллий дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки изчил кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишлари белгиланган.
Ушбу жараёнга Юнусобод туманида фаолият юритаётган «Unicon-Soft» компанияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Юнусобод туманига ташрифи доирасида айти-компания фаолияти билан ҳам танишди.
2017 йилда ташкил этилган корхона шу кунга қадар республика бўйлаб 70 дан ортиқ дастурий маҳсулот ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этган. Компаниянинг барча ҳудудлар ҳамда 208 та туман (шаҳар)ларда ахборот тизимларини жорий қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича филиаллари мавжуд. Уларида 1,5 мингдан ортиқ ходим фаолият юритмоқда, шундан 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
Айни пайтда «Unicon-Soft» томонидан рақамлаштириш йўналишида дастурий ва техник воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, божхона фаолиятини рақамлаштириш, шунингдек, «Рақамли маҳалла» платформасини жорий этиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари компаниянинг ушбу йўналишдаги лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Миллий IT маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ёшларнинг сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, давлат идораларида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.